БЎРАГАНСОЙ — Туркистон тизмасининг шим. ён бағридаги сой. Шаҳристон довонидан бошланиб, шим. йўналишда оқади ва Ховос т. й. станциясига етмасдан, 4 км шим. шарқда тугайди. Бўрагансой бошланишида Олтинкўлсой, юқори оқимида Бўрагансой, ўрта оқимида Шаҳристонсой, қуйи оқимида Сармичсой, Шўрбулоқсой деб ҳам аталади. Уз. 92 км, ҳавзасининг майд. 712 км2. Б. нинг умумий уз. 40 км бўлган 21 та майда ирмоғи бор. Б. муз, қор ва ёмғир сувларидан тўйинади. Тўлинсув даври апр. да бошланиб, авг. да тугайди. Бўрагансойнинг 75—80% оқими шу даврда оқиб ўтади. Сув сарфи май ойида кескин ортиб июнда 620 л/сек гача етади, июлдан эса камаяди. Кишда суви камаяди, баъзан қуриб қолади. Ўртача кўп йиллик сув сарфи 190 л/сек. Ёзги тўлинсув даврида сувининг лойқалиги 4,7 кг/м3 гача ортади. Қишда сув юзаси музлайди.