БАНКРОТЛИК

БАНКРОТЛИК, (итал. — синган курси) , с и н и ш — фуқаро, корхона, фирма ёки банкнинг маблағи етишмаслигидан ўз мажбуриятлари бўйича қарзларни тўлашга қурби етмаслиги; қарздорнинг мажбуриятлари мол-мулкидан ошиб кетганлиги сабабли товар (ишлар, хизматлар)га ҳақ тўлаш юзасидан кредиторларнинг талабларини қондиришга қодир эмаслиги, шунингдек бюджетга ва б. фондларга мажбурий тўловларни таъминлашга қодир эмаслиги тушунилади. Банкротлик, одатда, корхонанинг ёпилишига олиб келади. Чунки қарз (кредит) берувчининг талабини қондириш учун мол-мулкини сотишдан ўзга чораси қолмайди. Банкротликга учрашнинг сабаблари товар и. чда қиймати қонуннинг амал қилиши, рақобат ва инфляция билан белгиланади. Иқтисодий инқирозлар даврида касодга учраган корхоналарнинг сони кескин ошиб кетади, унинг оқибатида ишсизлик кучаяди. Собиқ Иттифоқ халқ хўжалигида Банкротлик тушунчаси НЭПдан кейин истеъмолдан чиқиб кетган эди, 1987 й. дан эътиборан корхонанинг тўлов қобилияти йўқлиги тушунчаси амалиётга киритилди. Банкротлик амалда корхонанинг бюджет, банк ва мол етказиб берувчилар олдида ўз мажбуриятларини бажаришга ожизлигини билдиради. Банкрот деб эълон қилинган корхоналарга нисбатан қатор санация тадбирлари ўтказилади, унга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилади (солиқлардан озод этилади, қарзларни тўлаш кечиктирилади). Бозор иқтисодиёти шароитида Банкротликга учраган корхоналар бошқа корхоналарга сотилади ёки қўшиб юборилади, корхона жамоа аъзоларига ижарага берилади ва б. Корхоналар судлар, хўжалик судлари қарори билан банкрот деб эълон қилинади. Ўзбекистон Республикасида кредиторларнинг даъволарини қондириш мақсадида хўжалик юритиш субъектлари бўлмиш юридик ва жисмоний шахсларни банкрот бўлган деб эътироф этиш шартлари ва тартиби ЎзРнинг 1994 й. 5 майда қабул қилинган «Банкротлик тўғрисида» Қонунида белгилаб берилган (бу қонун ўз фаолиятини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширадиган корхона, ташкилотларга нисбатан тадбиқ этилмайди). Владимир Шевцов, Абдураҳим Ортиқов.