БАЛИҚЧИ ҚЎЛТИҒИ (Рибацкий қўлтиғи) — Орол денгизининг жан. даги 1979 й. гача бўлган қўлтиқ. Ғарбда Мўйноқ я. о. ва шарқда Амударё (Окдарё) нинг денгизга қуйилган жойидаги чиқиқ б-н чегарадош. Балиқчи қўлтиғи жан. да Балиқчи сув ҳавзаси бунёд этилган. У Оқдарё, Мадалиўзак, Толдиқ каналлари сувлари ҳисобига тўйинади. Балиқчи сув ҳавзасининг чуқ. 0,5 — 2 м, балиқчиликда фойдаланилади. Балиқчи қўлтиғининг қолган қисми зол қумлари (бархан, дўнг қумлар) ва қолдиқ шўрхоклар билан қопланган. Шўра, юлғун, қорабароқ, шўрхокларда қорасаксовул, сийрак ҳолда черкез ўсади. Балиқчи қўлтиғининг қум босган қисмида шамолда қум кўчишини камайтириш мақсадида галофит ва ксерофит иҳотазорлари барпо қилинмоқда.