БАЛИҚ УНИ

БАЛИҚ УНИ — балиқдан ёки балиқни консервалаш чиқитларидан тайёрланадиган ун. Балиқ уни оқсил, кальций ва фосфорга бой бўлиб, қ. х. ҳайвонларига берилади. Таркибида 50 — 55% оқсил, 10 — 20% ёғ, 30% гача кальций фосфат, 5% гача ош тузи ва А, В, Д витаминлари бор. Б. у. организмда жуда енгил ҳазм бўлади. Шунинг учун биринчи навбатда ёш ҳайвонларга, жўжаларга (кундалик емининг 10% миқдорида), товуқларга, баъзан катта ёшдаги ҳайвонларга ҳам берилади. Сигирга кунига 1 — 1,5 кг Балиқ уни берилса, сут ва гўшт сифати бузилмай, маҳсулдорлиги ошади. Балиқ уни Ўзбекистонда Мўйноқ балиқ консерва з-дида тайёрланади.