АХОМАНИЙЛАР ДАВЛАТИ

АХОМАНИЙЛАР ДАВЛАТИ — кад. дунёнинг энг йирик давлатларидан бири (мил. ав. 558 — 330). Ахоманийлар давлати ҳудуди Эронни ва Ҳинд дарёсидан Эгей ва Ўрта денгизгача бўлган оралиқдаги Осиё мамлакатларини, шунингдек Миср, Ливия ва Болқон я. о. нинг бир қисмини босиб олиш натижасида ташкил топган. Ахоманийлар давлатига қад. форс подшоҳлари хонадони — ахоманийлар вакили Кир II асос солган. Мил. ав. 558 й. Кир II форс қабилалари иттифоқига раҳбар бўлиб, 553 й. мидияликлар ҳукмронлигига қарши қўзғолон кўтарган. Форслар 550 й. ғалаба қозониб ва Мидияни эгаллаб кейинги уч йил мобайнида собиқ Мидия давлати таркибига кирган мамлакатларни босиб олганлар, 546 й. эса Лидия ва Кичик Осиёдаги юнон шаҳарларини забт этганлар. 545 —539 й. лар оралиғида Кичик Осиёнинг катта қисми, 538 й. да Бобил, 525 й. да Миср, 519—512 й. лар оралиғида Эгей денгизидаги о. лар, Фракия, Македония ва Ҳиндистоннинг шим.-ғарбий қисми бўйсундирилган.

Ахоманийлар давлати Доро I даврида шаклланган мураккаб бюрократик тизим орқали бошқарилган. Доронинг маъмурий-пул ислоҳотлари босиб олинган мамлакатлар устидан бошқарув ва назоратни янада такомиллаштирди: давлат 20 та ҳарбий-маъмурий сатрапия (округ)ларга бўлиниб, уларнинг тепасида махсус амалдорлар (сатраплар) турган. Улар форс подшосига улкан миқдорда солиқлар (пул ва натура ҳолда) тўлашган. Доро I даврида ягона танга пул бирлиги — 8,4 г олтин оғирлигидаги дориқ жорий қилинган. Сикл (1/20 дориқ) майда кумуш танга вазифасини ўтаган.

Ахоманийлар давлати этник таркиби ва ижтимоий уклади бўйича турли-туман булган. Унинг таркибига Кичик Осиё, Бобил, Финикия ва Миср кириб, уларнинг қ. х. ва ҳунармандчилигида қуллар меҳнатидан кенг фойдаланилган. Иқтисодий жиҳатдан шундай ривожланган мамлакатлар каторида форслар салтанати таркибига Фракия ва Македония каби вилоятлар, шунингдек уруғчилик тузумининг емирилиши боскичида турган кўчманчи араб ва скиф қабилалари ҳам кирган. Форс маъмурияти забт этилган мамлакатларда эски маҳаллий қонунлар, урф-одатлар, динлар, пул тизими, ўлчовоғирлик тизими, ёзув ва тилларни сақлаб қолган. Маҳаллий тиллар қаторида Ахоманийлар давлатининг расмий идора тили бўлган оромий тили таркалган. Эронда кад. форс ва оромий тилидан бошқа маъмурий эхтиёжлар учун злам тилидан ҳам кенг фойдаланишган. Форслар кўпгина финикий ва юнон шаҳарларига мухторият бериб, айрим мамлакатларда (мас, Киликия, Суғдиёна ва б.) маҳаллий шохлар ва ҳокимлар сулоласини сақлаб қолганлар, ибодатхоналарни солиқ ва тўловлардан озод этганлар. Персеполь билан бир қаторда ахоманийлар Бобил, Суза ва Экбатанани пойтахт килишган. Ахоманийлар давлати маданияти ва санъати Эрон маданий анъаналарини Юнонистон, Оссурия, Миср ва б. мамлакатлар анъаналари билан чоғиштирмасидан иборат бўлган. Форсларнинг ўзи салтанатда мумтоз мавқега эга эдилар. Улар солиқлар ва мажбурий ишлардан озод этилганлар.

Форс зодагонлари энг муҳим ҳарбий ва фуқаролик лавозимларини эгаллашган. Форс шоҳлари, уларнинг қонқариндошлари, сатраплар ва амалдорлар Эрон, Кичик Осиё, Бобил, Миср ва б. мамлакатларда қуллар меҳнатига асосланган катта хўжаликларга эга бўлишган.

Ахоманийлар давлати барқарор иқтисодий асосга эга бўлмагани туфайли беқарор ҳарбиймаъмурий бирлашма эди, у фақатгина қурол кучи ёрдами б-нгина турли халқларни давлат таркибида тутиб туришга асосланганди. Ахоманийларнинг ҳарбий қудрати заифлашиши билан уларнинг давлати парчаланиб кета бошлаган. Миср, Бобил, Мидия, Кичик Осиё ва б. мамлакатларда кўплаб қўзғолонлар кўтарилган (мас, 522 й. да Мидияда Гаумата қўзғолони ва Марғиёнадаги қўзғолон, 500 — 493 йларда кичик осиёлик юнонлар қўзғолони, 405 й. Мисрдаги қўзғолон). Мил. ав. 5 – а. охиридан бошлаб сатраплар мунтазам суратда ўзаро уруш олиб борганлар, баъзан эса ҳатто подшоҳнинг ўзига ҳам қарши қурол кўтарганлар. 500 — 449 й. лардаги юнон-форс урушлари давридаёқ форс қўшинининг жанговарлик қобилияти анчагина йўқотилган. Мил. ав. 330 й. Александр Макдуний қўшини зарбалари остида Ахоманийлар давлати қулаган.

Турон халқларининг Ахоманийлар давлатига қарши олиб борган курашлари ҳақида: қ. Тўмарис, Широқ, Марғиёна қўзғолони.