АХЛОҚ ТУЗАТИШ ИШЛАРИ — ЎзРда жиноий жазо тури. Маҳкумни ахлоқан тузатиш — унда қонунга итоаткор хулқ-атворни, инсон, жамият ва меҳнатга, жамият турмуши қоидалари ҳамда анъаналарига ҳурматни шакллантиришдан иборат. Ахлоқ тузатиш ишлари иш ҳакининг 10% дан 30% гача миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда шахсни меҳнатга мажбуран жалб қилишдан иборат. Ахлоқ тузатиш ишлари фақат асосий жазо сифатида 6 ойдан 3 йилгача, жиноят содир этиш пайтида 18 ёшга тўлмаганларга нисбатан эса бир ойдан бир йилгача муддатга тайинланади. Бу жазо ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир қилган шахсларга нисбатан, уларни жамиятдан ажратмасдан ҳам тарбиялаш мумкин бўлган тақдирда тайинланади, пенсия ёшига етган, меҳнатга қобилиятсиз шахсларга, ҳомиладор ёки ёш боласини боқиш учун таътидда бўлган аёлларга ва ҳарбий хизматчиларга нисбатан қўлланилмайди (ЎзР ЖК, 46 – ва 83-модда). Қонунда Ахлоқ тузатиш ишларининг икки тури назарда тутилган бўлиб, булар жазони маҳкумнинг ўз иш жойида ўташдан ёки жазо ижросини назорат қилувчи органлар белгилаб берадиган бошқа жойда ўташдан иборат. Суд шахсга Ахлоқ тузатиш ишларини тайинлаганда жазо турини ҳукмда кўрсатади. Жиноят-ижроия кодексида Ахлоқ тузатиш ишларини ижро этиш тартиби (26-модда), ички ишлар органларининг жазоларни ижро этиш инспекциясининг назорат ишлари (27-модда) белгиланган. Маҳкум ишлайдиган корхона, муассаса, ташкилот маъмуриятига ҳам ҳукмни ижро этиш борасида қонун билан тегишли мажбуриятлар юклатилган (28-модда).
Жазо муддатини ҳисоблаш — маҳкумнинг иш ҳақидан ушлаб қолинган кундан, иш ҳақидан ушлаб қолиш — жазоларни ижро этиш инспекциясидан хабарнома олинган кундан, бошқа жойда ўталадиган Ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахслар учун — жазони ўташ учун юборилган корхона, муассаса, ташкилотда иш бошлаган кундан эътиборан бошланади. Маҳкум ишлаб берган кунлар миқдори суд томонидан белгиланган жазо муддатининг ҳар ойига тўғри келадиган иш кунлари миқдоридан кам бўлмаслиги шарт (ЖИК, 30-модда).
Жазоларни ижро этиш инспекцияси белгилайдиган жойларда жазони ўташ муддати мобайнида инспекция ёзма рухсатисиз, маҳкум ташаббуси б-н меҳнат шартномасини бекор қилиш таъқиқланади. Жазо муддати узлуксиз бўлгани учун шу муддат давомида маҳкумга меҳнат таътили берилмайди, ишланган муддат умумий ва узлуксиз иш стажига қўшиб ҳисобланмайди.