АХЕН — Германиядаги шаҳар, Шим. Рейн-Вестфалия ерида. Аҳолиси 244 минг киши (1992). Кўмир ҳавзаси маркази. Бальнеологик курорт шаҳри. Техника ун-ти бор. Римликларнинг шифо масканлари атрофида жойлашган Акве Грани турар жойи сифатида 1-а. дан маълум. 8 — 9-а. ларда Буюк Карл қароргоҳи бўлган. Ўрта асрларда Ахен империя шаҳри статусини олган. Меъморий ёдгорликлардан Буюк Карл «пфальц»и (қароргоҳи) қолдиқлари, готика услубидаги ратуша сақланган.