АТОМИЗМ (юн. atomon — бўлинмас) — ҳамма нарсалар мустақил элемент (атом)лардан тузилган, барча нарсанинг содир бўлиши бу элементларнинг аралашиши, бирлашиши ва бўлинишига асосланади, деб ҳисоблайдиган таълимот. 19 – а. охиригача Атомизм материя алоҳида бўлинмас зарралар — атомлардан ташкил топган деб уқтириб келди. Ҳоз. Атомизм нуқтаи назаридан электронлар — электр «атомлари», фотонлар — нур «атомлари» ва ҳ. к. дир. Янада кенгрок, маънода Атомизм объектнинг дискрет (дона-дона), жараённинг, хоссанинг узлуклилигини билдиради. Бу таълимот материянинг сўнгги, ўзгармас моҳияти мавжудлигини инкор этади, унинг миқдор ва сифат жиҳатдан ниҳоясизлигига асосланади.