АТОМ ТЎҚНАШУВЛАРИ

АТОМ ТЎҚНАШУВЛАРИ — атом зарраларининг ядро тузилиши ва ҳолати ўзгармаган ҳолда ўзаро таъсирлашув жараёни. Атом тўқнашувлари газлардаги электр разрядларида, плазма физикаси ва б. жараёнларда муҳим ўрин тутади. Зарраларнинг ўзаро таъсир этиш вақтида уларнинг умумий кинетик энергияси ўзгармай сақланиши ёки ички энергияси ўзгариши натижасида кинетик энергия мувозанати сақланмаслигига қараб, Атом тўқнашувлари эластик ва эластикмас тўқнашувларга; эластикмас Атом тўқнашувлари ўз навбатида 1 – ва 2-тур тўқнашувларга бўлинади. 1-тур тўқнашувлар натижасида зарраларнинг кинетик энергияси камаяди ва аксинча, 2-тур тўқнашувларда уларнинг кинетик энергияси ўз ички энергиялари ҳисобига ортади. 1-тур эластикмас тўқнашувларга электронлар, ионлар ва атомлар урилиши ёки ёруғлик ютилиши натижасида газнинг ионлашиш ва уйғониш жараёнлари киради. 2 – тур эластикмас тўқнашувларга рекомбинация (қарама-қарши зарядли зарраларнинг нейтраллашиши), уйғотилган атом ва электрон орасидаги урилишлар киради. Бундай урилишлар натижасида атом нормал ҳолатга қайтади, электрон эса қўшимча кинетик энергияга эга бўлади. Эластик Атом тўқнашувларига электронлар ва оғир зарраларнинг сочилиши хамда бир жинсли газ атоми ва иони ўртасидаги электрон алмашиш жараёни киради. Атом тўқнашувлари шу жараённинг эффектив кўндаланг кесими о ва унинг тўқнашувчи зарралар нисбий тезлигига боғлиқлиги билан ифодаланади. Эластик Атом тўқнашувлари қонунияти бир оз мураккаб. Кичик тезликдаги электронлар ва енгил атом зарралари (Н, Не атомлари ва нейтрон) А. т. квант механика қонунларига, оғир зарралар ва катта тезликдаги электронлар классик механика қонунларига бўйсунади.