АТМОСФЕРАДАГИ ТЕМПЕРАТУРА ИНВЕРСИЯСИ

АТМОСФЕРАДАГИ ТЕМПЕРАТУРА ИНВЕРСИЯСИ — атмосферанинг маълум қатламларида т-ранинг баландликка қараб орта бориши. Пастки чегараси, қалинлиги ва инверсия қуввати (т-ралар фарқи) билан ифодаланади. Атмосферадаги температура инверсияси булутларнинг қуюқланишига, атмосферадаги вертикал ҳаракатларга ва б. ҳодисаларга бевосита катта таъсир кўрсатади. Қуйидаги турларга бўлинади: 1. Радиацион инверсия; бунда ер сирти кучли нурланиш натижасида қаттиқ совийди, сўнгра Ерга яқин ҳаво қатламининг пастки қисми ҳам юқори қисмига қараганда кучлироқ совийди ва ер сирти яқинида инверсия ҳосил бўлади. Бундай жараёнлар сутканинг тунги соатларида кучли бўлади. 2. Ерга яқин инверсия; бунда илиқ ҳаво массаси совуқ сирт устига силжиганда унинг пастки қисми иссиқлигининг бир қисмини ер сиртига беради, натижада Ерга яқин ҳаво қатламида инверсия ҳосил бўлади (мас, илиқ денгиз ҳавосининг қуруқлик устида ҳаракатланиши). 3. Чўкиш инверсияси; бу ҳодиса эркин атмосферада антициклонли об-ҳавода кўпроқ кузатилади. Бундан ташқари, совуқҳаво билан илиқ ҳавони ажратувчи зонада фронтал, тоғли ҳудудларда эса орографик инверсия ҳосил бўлади.