АТМОСФЕРА ФИЗИКАСИ

АТМОСФЕРА ФИЗИКАСИ — атмосферада содир бўладиган ҳодисаларнинг физик қонуниятларини ўрганувчи фан. Атмосферадаги термодинамик жараёнлар, атмосферанинг таркибий тузилиши, унда сув буғларининг қуюманиши, булут, туман ва ёғинларнинг ҳосил бўлиш жараёнлари, нурланиш, оптик, электр ва акустик ҳодисаларни ўрганиш билан шуғулланади. Атмосфера физикасининг тараққий этиши натижасида атмосферанинг Ерга яқин қатлами физикаси алоҳида бўлим сифатида вужудга келди. У инсоният, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси учун бевосита аҳамиятга эга бўлган ҳодисаларни ўрганади. Атмосфера физикасининг яна бир бўлими — атмосферанинг юқори қатламлари физикаси. Метеорологик ракеталар ва ер сунъий йўлдошларини учиришда, сайёралараро алоқа муаммоларини ҳал қилишда, обҳавони ифодаловчи ҳодисаларнинг тўла физик моделини тузишда бу бўлимнинг муҳим аҳамияти бор.