АШТАРХОНИЙЛАР, Жонийлар-1601 — 1757 й. ларда ўзбек давлатчилигини бошқарган сулола. 1601 й. аштархонийлардан Боқи Муҳаммад Бухоро ҳокимиятини қўлга олгач, шайбонийлар сулоласи ҳукмронлиги тугатилган. Аштархонийлар Жўжихон наслидан бўлиб, 14-а. нинг 80-й. ларидан бошлаб Астрахон (Аштархон, Ҳожи Тархон) ва унинг атрофидаги ерлар, халклар устидан хукмронлик қилган. 1556 й. Астрахонни Россия босиб олгандан кейин, Аштархонийлардан Ёрмуҳаммадхон оиласи билан Бухорога кўчиб келган. Бухоро хони Искандархон (1563 — 83) қизи Зуҳрохонимни унинг ўғли Жонибек султонга берган. Жонибек султон Зуҳрохонимдан уч ўғил (Дин Муҳаммад, Боқи Муҳаммад, Вали Муҳаммад) кўрган. Дин Муҳаммад Абдуллахон II замони (1583—98)да Нисо ва Абивард ҳокими бўлди. Абдулмўминхон ўлдирилгандан кейин (1599) амир ва руҳонийлар Жонибек султонни хон тахтига кўтармоқчи бўлдилар. Лекин, Жонибек бундан воз кечди. Шунда улар унинг катта ўғли Дин Муҳаммад номига хутба ўқитдилар. Ammo у Бухорога бораётиб йўлда ҳалок бўлди. Охири тахтга Жонибек султоннинг ўртанча ўғли Боқи Муҳаммад ўтқазилди. Шундан бошлаб Бухоро хонлиги А. қўлига ўтди (А. сулоласи ҳукмронлиги даврида Мовароуннаҳрнинг сиёсий, иқтисодий, маданий ҳаёти ва ташқи сиёсати хусусида Бухоро хонлиги мақоласига қ.). Сулола ҳукмдорлари: Боқи Муҳаммадхон (1601—05), Вали Муҳаммадхон (160511), Имомқулихон (1611—42), Надр Муҳаммадхон (1642—45), Абдулазизхон (1645-81), Субҳонқулихон (1681-1702), Убайдуллахон II (1702-11), Абулфайзхон (1711—47), Абдулмўминхон (1747—51), Убайдуллохон III (1751-54), Шерғози (1754-57).
Ад.: Абдураимов М. А., Очерки аграрных отношений в Бухарском ханстве в 16 — 19 вв., т. I—II, Т., 1966, 1970; Ахмедов Б. А., История Балха, Т., 1982; Ўзбекистон халқлари тарихи, 2-т., Т., 1994.