АШРАБОВ Аббос Бобоевич (1913.2.10, Пискент) — қурилиш соҳасидаги олим. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1964). Техника фанлари д-ри (1961), проф. (1960). Ўрта Осиё политехника ин-тини тугатган (1940), шу ин-тда ишлаган (1935—91), Ўзбекистон ФА Иншоотлар ин-ти директори (1958—63), Тошкент архитектура ва қурилиш интида проф. (1992—96). Илмий ишлари қурилиш материалларига, бинокорлик назарияси ва амалиётига, зилзилабардош бинолар ва иншоотларга доир. Ашрабов зилзилабардош бинолар яратишга асос солганлардан бири. У Ўрта Осиёда биринчи бўлиб бетон ва темир-бетон буюмларга енгил тўлдиргич — керамзит ишлатишни, қурилишни индустрлаштириш усулларини, тарихий ёдгорликлардан замонавий бинолар қурилишида фойдаланишни тавсия этди. Ашрабовнинг бетон ва темир-бетон соҳасида олиб борган и. т. ишлари натижалари Давлат стандартлари меъёрлари (нормалари)га киритилган.