АРТИКЛЬ (лот. articulus) — баъзи тилларда отнинг олдида келиб, аниқлик маъноларини билдирадиган олд қўшимча. Бир хил тилларда (инглиз) Артикль келишик, жинс ва сонда ўзгармайди, айрим тилларда (немис) ўзгаради. Ўрта Осиё мумтоз адабиётида арабча (ал) артикли (араб тилидан кирган сўзларда) отлар олдидан келиб, аниқлик маъносини беради. Агар ал қамария ҳарфларидан (қ. Араб ёзуви) олдин келса, тўла ўқилади: алкитоб — муайян бир китоб, Қуръон; ал-Хоразмий, ал-Беруний. Шамсия ҳарфларидан олдин келса, талаффузда тушиб, ундан кейинги ҳарф такрорланади: аш-шамсу; ан-набий — каби.