АПОКАЛИПСИС

АПОКАЛИПСИС (юн. apokalypsis — башорат) — яҳудий ва христиан динларининг юзага келишига оид диний адабиёт намуналаридан бири; илоҳий кароматли ривоятлар. Яҳудий ва христиан динининг пайдо бўлиши жараёнида диний каромат хусусиятига эга бўлган кўп ёзувлар вужудга келган, лекин улардан фақат биттаси — «Иоанн (Юҳанно) каромати» христианликда Библия канонига киритилган, қолганлари: «Қадимги аҳд» асарларидан Ездра ва Варух Апокалипсислари, «Янги аҳд» адабиётидан Петр, Месс, Зостриан кароматлари ва ҳ. к. апокриф (сохта) деб эълон қилинган. Шунинг учун Апокалипсис термини христиан анъанасида фақат «Иоанн каромати» (68 — 69-й. ларда тузилган) га нисбатан ишлатилади. «Иоанн каромати» ўз мазмуни билан «Қадимги аҳд» ёзувларига яқин. Шундай бўлсада йирик руҳонийлар (мас, Лютер, Цвингли) Апокалипсисга гумон билан қараганлар.