АПАРТЕИД, апартхейд (африкаанс тилида apartheid — алоҳида-алоҳида яшаш) — ирқий камситишнинг энг ашаддий кўриниши. Муайян аҳоли гуруҳларининг улар ирқий мансублигига қараб, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва фуқаролик ҳуқуқларидан маҳрум этишни, ҳудудий жиҳатдан яккалатиб қўйишгача боришни англатади. Апартеиднинг айрим чоралари геноцид тусини олиши мумкин. Ҳоз. халқаро ҳуқуқ А. ни инсониятга қарши жиноят деб ҳисоблайди. 1973 й. да Апартеид жиноятларининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисида халқаро конвенция қабул қилинган. Яқингача Апартеид ЖАРда ҳукмронлик қилиб келган, асосан оқ танли фуқаролардан иборат Миллий партиянинг сиёсати эди. У мамлакат аҳолисини ирқий аломатларга қараб, уч қисм:
1) оқ танлилар;
2) қора танлилар, яъни туб африкаликлар;
3) индейслар ва дурагайларга бўлиб бошқариш сиёсатини қўллаб келди. «Ирқий гуруҳларни ажратиб жойлаштириш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, аҳоли 74% ини ташкил этувчи қора танлилар учун сохта «давлатлар» — бантустанлар тузилди, африкаликларнинг оқ танлилар яшовчи шаҳарларда истиқомат қилиши ман этилди, Апартеид қоидаларини бузганларга нисбатан қаттиқ жазо чоралари қўлланилди. Африкаликлар, уларга эргашган индейслар ҳамда оқ танлилар бир қисмининг Африка миллий конгресси ва б. ватанпарварлик ташкил отлари раҳбарлигида Апартеид сиёсатига, ирқчилар зулми ва камситишларга қарши узоқ давом этган, жаҳон ҳамжамияти томонидан фаол қўллаб-қувватланган муросасиз оммавий чиқишлари, шу жумладан, қуролли кураши ирқчиларни чекинишга мажбур этди. Мамлакат ва халқаро майдонда яккаланиб қолган ирқчилар сиёсий ислоҳотлар ўтказишга мажбур бўлди. Тинч йўл билан 1994 й. апр. да ўтказилган демократик сайловлар натижасида ҳокимият мамлакат туб аҳолиси вакиллари қўлига ўтди.