АНТОФАГАСТА — Чилининг шим. даги шаҳар, Антофагаста вилоятининг маъмурий маркази. Аҳолиси 219 минг киши (1990). А. Чилидан мис, мис рудаси ва селитра, Боливиядан қалай, висмут, сурма, вольфрам, кумуш рудалари, қисман Аргентинадан ғалла ва чорвачилик маҳсулотлари чиқариладиган порт. Юк оборотининг 1/3 қисмидан ортиғи — транзит, экспорт-импорт юкларидир. Антофагастада озиқ-овқат, тикувчилик, кўнпойабзал, кимё, кемасозлик ва металлсозлик корхоналари мавжуд. Ун-т бор. Шаҳарга 1870 й. да асос солинган.