АНТЛАР

АНТЛАР — славян қабилалари иттифоқининг 6 — 7-а. бошида Византия ва гот тарихчилари асарларидаги қад. номи. «Ант» сўзи биринчи марта 3-а. га оид Керчь ҳужжатларида тилга олинади. Антлар Днестр ва Днепр дарёлари оралиғида яшаган. 4 — 6-а. ларда Антларда чорвачилик, деҳқончилик ва ҳунармандчилик (кулолчилик, заргарлик, тўқимачилик ва темирчилик) анча ривожланган; ҳунармандчилик маҳсулотлари, асосан, ички ва ташқи савдо учун тайёрланган. Анинг қад. маданияти фанда «Черняховская маданияти» номи билан юритилади. Ижтимоий тузуми — ҳарбий демократия. Готлар, Византия ва аварларга қарши уруш олиб борганлар. Антлар Рим империяси билан савдо-сотиқ қилган. Археологик қазилмаларда Римда ясалган кумуш тангалар, шиша, металл ва сопол идишлар ҳамда зеб-зийнатлар учрайди.