АНТИФИЛЬТРАЦИОН ҚОПЛАМАЛАР, сув сизишига қарши қопламалар — суғориш каналлари, ҳовузлар, сув омборлари, турли гидроиншоотлар туби ва ён бағирларини қоплашда қўлланиладиган махсус материаллар. Сувнинг сизишини бартараф этиш ёки камайтириш мақсадларида ишлатилади. Сув иншоотлари қурилишида қопламаларнинг қуйидаги асосий зичланган хиллари қўлланилади: грунт, яхлит бетон, йиғма темир-бетон, асфальтбетон, яхлит йиғма бетон ёки зичланган грунт катлами билан ҳимояланган полимер, полиэтилен ва поливинилхлорид пардали экран. Шунингдек, сув ўтказмаслик учун грунтларни механик шиббалаш (шиббаланган грунтлар) ва канал оқизиқлари ҳамда муаллақ заррачалари ердамида ўзанни сунъий кольматаж килиш (кольматаж қилинган грунтлар) каби усуллар ҳам қўлланилади. Аксарият Антифильтрацион қопламалар икки ва ундан ортиқ қаватли элементдан иборат бўлади, аммо шароитга қараб уларнинг ҳар бирини мустақил қўллаш мумкин. Антифильтрацион қопламаларнинг кўпи бетон ёки темир-бетон плиталардан қурилади; плиталар чоки ва оралиғи нефть ҳамда полимер маҳсулотларидан тайёрланадиган махсус эластик материал — герметик б-н тўлдирилади. Антифильтрацион қопламалар Қ, материали типи махаллий шароитлар (тупроқ-грунт, рельеф ва б. нинг тузилиши) ва иншоотларнинг вазифасига қараб техник-иқтисодий ҳисоблар асосида танланади (мас, таги пардали яхлит йиғма бетон 35 — 40 йил хизмат қилади). Каналларга қопламалар ётқизиш сувнинг сизишини 25 — 30% камайтиришга, унинг ф. и. к. ни 0,91 —0,99 га етказишга имкон беради.
Антифильтрацион қопламалар канал зонасида грунт сувлари сатҳининг кўтарилишини, тупроқнинг захланиши ва қайта шўрланишини, канал қирғоқларининг ўпирилиши ва ўзан деформациясини бартараф этади, каналларнинг ўт босишини камайтиради, натижада сувнинг оқиш тезлиги, каналнинг сув ўтказиш имконияти ортади. Ҳозир Антифильтрацион қопламалар ётқизиш тўла механизациялаштирилган. Ўзбекистонда хўжаликлараро каналлар (32,4 минг км)нинг 9,7 минг км га бетон қоплама ётқизилган (1995).
Шуҳрат Маҳмудов.