АНҲОР

«АНҲОР» — қаҳвахона-чойхона. Тошкентдаги Анҳор соҳилида қурилган, халқ меъморлиги анъаналарини ўзида акс эттирган бино (1950, меъмор В. Дмитриев). Дастлаб бино симметрик режа асосида тўғри тўртбурчак шаклда барпо этилган. Овқатланиш хонаси 75 ўринли, тўрида чойхона, ошхона ва ёрдамчи хоналар, сувга қараган ён томонида айвон бўлиб, хўжалик хоналари ер ости қисмига жойлаштирилган. Бинонинг олд тарзи нисбатлар қонуни асосида ҳал этилиб, пештоқ тепасида безакли гулдон, икки томонида антефикслар, 6 устунли пешайвоннинг икки чеккасида панжара бўлиб, ўзига хос меъморий кўринишга эга эди.

Бино қайта қуриш жараёнида (1979) қишлик (120 ўринли) ва ёзлик (160 ўринли) бўлимларга ажратилиб, ошхона ва чойхона қисми қайтадан қуридди. Орқа томони 2 қаватли бўлиб, биринчи қаватида чойхона, ошхона, сомсахона ва кабобхона жойлашган, уларнинг мўриси минорасимон ишланган. Ён қисмига (сув бўйида) эни 5 м, уз. 30 м ли 1 қаватли айвон ишланди. Қишлик залнинг ички томонини «Мебломет» фирмаси (Польша) безаган.