АНДИЖОН ЖОМЕ МАСЖИДИ МАЖМУАСИ — меъморий ёдгорлик (19 – а. охири). Масжид, Мадраса ва минорадан иборат. Мадраса бош тарзи шарққа қаратиб қурилган. Тарзининг ўртасида пештоқ қад кўтарган. Унинг икки ёнида безакдор минора бор. Бурчакларида гумбазли дарсхоналар, уларнинг ўртасида икки қаватли ҳужралар жойлашган. Биринчи қаватнинг текис деворларида тўрт бурчакли дарчаларга панжаралар ишланган. Иккинчи қаватдаги ҳужраларнинг меҳробий равоқлари бош тарзига кўркамлик бахш этади. Масжид мажмуанинг ғарбий қисмида жойлашган. Унинг тарҳи тўғри бурчакли хонақоҳ ва уч томони қатор устунли, шифти безакдор айвондан иборат.
Минора (бал. 32 м) ҳовлида жойлашган. Асоси саккиз қиррали, ёзма нақдши турунжлар ва кошин билан пардозланган. Жомега бешта (жан. да битта, шим. ва шарқдан иккитадан) дарвоза орқали кирилган. Андижон жоме масжиди мажмуаси қурилишида Исахон, Ю. Мусаев ва б. усталар қатнашган. 1902 й. ги зилзилада шикастланган. Бинолар 1971 – 74; 1999-2000 й. ларда таъмирланган.