АНДИЖОН АДИРЛАРИ

АНДИЖОН АДИРЛАРИ (Бешбўз адирлари) — Фарғона водийсининг жан.шарқидаги қирлар. Ғарбда Шаҳрихонсой ва шарқда Андижонсой оралиғида. Мутлақ бал. 700 — 1000 м ва ундан баланд. Нисбий бал. 200 — 400 м. А. а. юқори неоген ва тўртламчи давр жинслари: конгломерат, гил, қумтош, мергелли қумлоқ, шағал ва б. дан ташкил топган. Айрим жойларда адирларнинг туб жинслари қалин лёссимон ётқизиқлар билан қопланган. Тузилиши жиҳатидан адирлар қисқа антиклиналь бурмалардан иборат. Марказий қисмида баланд кўтарилган қад. юзалар мавжуд, чеккаларида ёшроқ юзалар бўлиб, улар бир-бирларидан тик эрозион ён бағирлар билан ажралган.

Андижон адирларини қуруқ сой ва жарлар бўлиб юборган. Қия ён бағирларида баъзан тупроқ қатлами бутунлай йўқ, айрим жойларда туб жинслар юзаси очилиб қолган. Типик бўз тупроқлар тарқалган. Асосан эфемерлар ўсади, баъзи ерларида лалми деҳқончилик қилинади.