АМЁБИАЗ, амёба дизентерияси — йўғон ичакнинг ярали яллиғланиши б-н кечадиган протозой касаллик, ичбуруғнинг бир тури. Дизентерия амёбаси қўзғатади. Касалликда беморнинг тинкаси қуриб, иштаҳаси йўқолади, қорни оғриб, ичи кетади (бир кеча-кундузда 5—20 ва ундан кўп), суюқ нажасда шиллиқ моддалар ва қон бўлади. Баъзан ҳарорат кўтарилади (39—40°), заҳарланиш аломатлари (кўнгил айниши, қусиш), жигар ва б. аъзоларда абсцесс рўй беради. Даво чоралари кўрилмаса ёки билар-билмас даво қилинса, касаллик сурункали шаклга ўтади. Амёбиаз билан оғриган бемор касалхонада даволанади. Меъдаичак фаолияти бузилганда дарҳол врачга мурожаат этиш лозим.