АММОНИЙЛАШУВ

АММОНИЙЛАШУВ, аммонификация (аммоний ва лот. facio — қиламан) — азотли органик моддаларнинг аммиак ажратиб парчаланиш жараёни. Тупроқда азотли моддаларнинг кўпчилиги (99%) ўсимликлар ўзлаштира олмайдиган (гумус, органик ўғитлар, ўсимликлар қолдиқлари, ҳайвонот ва микроорганизмлар қолдиклари) ҳолда бўлади. Аммонийлашув жараёни натижасида улар ўсимликлар ўзлаштира оладиган ҳолга келади. Оқсил моддалар тупроқда чиритувчи бактериялар, шунингдек актиномицетлар ва моғор замбуруғлар таъсирида парчаланиб, аммиак ҳосил қилади. Аммиак Аммонийлашув даврида пайдо бўлган оддий кислоталар билан бирга реакцияга киришиб, аммонийнинг сувда осон эрийдиган тузларини ҳосил қилади. Аммонийнинг бундай шаклдаги турларини ўсимликлар осон ўзлаштиради.