АМАДУ (Amado) Жоржи (1912.10.8) — Бразилия ёзувчиси. «Карнавал мамлакати» (1931) номли илк романида шаҳар зиёлилари ва мулкдорлари ҳаётидаги салбий ҳодисаларни ҳажв қилса, «Какао» (1931), «Тер» (1933) романларида батраклар ва ишчилар ҳаёти ҳикоя қилинади. «Жубиаба» (1935) романида ирқчиликка қарши чиқади. А. Бразилия халқининг эрк ва адолат учун курашини ёритувчи «Луис Карлос Престес ҳаёти» асарини яратди (1942), «Чексиз далалар» (1943), «Олтин мевалар даласи» (1944) романлари Бразилия деҳқрнлари ҳаётига бағишланган. «Қизил куртаклар» (1946) романида реализм кучли. «Кекса денгизчилар» (1961) номли икки киссасида Бразилия халқининг ўзига хос хусусияти кўрсатилган. Амаду Лотин Америкаси адабиёти тараққиётига катта ҳисса қўшган. Унинг асарлари дунёнинг кўпгина тилларига таржима қилинган, йирик гуманист ёзувчи сифатида ном қозонган.