АЛГЕБРАИК ТЕНГЛАМА — чап томони номаълумлардан тузилган кўпҳаддан иборат бўлган тенглама. Номаълум х нинг тенгламани қаноатлантирадиган, айниятга айлантирадиган қийматлари тенгламанинг илдизлари ёки ечимлари дейилади. Алгебранинг асосий масалаларидан бири Алгебраик тенгламанинг илдизларини топишдан иборатдир. 1, 2, 3 ва 4даражали Алгебраик тенглама илдизларини топиш формулалари маълум, даражаси 5 ва ундан ортиқ бўлган тенгламалар учун бундай формулалар умумий ҳолда мавжуд эмас. Аммо коэффициентлари комплекс сонлар бўлган ихтиёрий тенглама комплекс ечимга эга (қ. Алгебранинг асосий теоремаси).