АЛЕКСАНДРИЯ ЭСХАТА, Чекка Искандария — Александрия юришлари даврида истило қилинган мамлакатларда қурдирган 70 дан ортиқ шаҳардан бири. Ҳоз. Хўжанд ш. ўрнида бўлган. Арриан ва Квинт Курций Руфнинг ёзишича, Александр Марокандани забт этгач, Танаис (Сирдарё) бўйига келиб, қўшинига дам беради. Шунда у қўшин жойлашган ер атрофини девор (уз. 60 стадий, 1 стадий — 176,6 м) билан ўраб бир шаҳар қуришни амр қилади. Чунки бу шаҳар унинг скиф (сак)ларга қарши урушларида мудофаа учун зарур эди. Шаҳар шу қадар тез бунёд этиладики, ҳатто 17 (ёки 20) кун деганда мудофаа иншоотлари ва турар жойлар ҳам қуриб битказилади. Александр бу шаҳарни ҳам ўз номи билан аташни буюриб, унга эллин асирлари ва урушга яроқсиз бўлиб қолган македон аскарларини жойлаштиради. Сўнг ўз одатига биноан тангриларга қурбонликлар қилиб, катта тантана уюштиради.