АЛДАР КЎСА — туркий халқлар эртакларидаги тўқима образ. А. қозоқ, ўзбек, қирғиз, қорақалпоқ, бошқирд ва б. халқлар сатирик эртакларида ҳаётий кўламда таърифланади, тарихий шахс эмас. Алдар Кўса анъанавий, қад. образ бўлиб, уруғ, қабилачилик даврида юзага келган. Кўса атамаси икки хил маънони: бири — оила, уруғ, қабила бошлиғини; иккинчиси — даҳанида бир туки йўқ эркак кишини англатади. Алдар — исми, кўса — лақаби. Алдар Кўса эртакларда асосан ижобий, баъзан салбий образ сифатида намоён бўлади. У ўта ақлли, тадбиркор, айёр ва устомон. Алдар Кўса салбий сифатга эга образлиги кейинги давр халқ оғзаки ижоди намуналарига хос.