АЛАХЛАШ, делирий — онг ўзгаришининг бир тури, воқеаларни англаш қобилиятининг бузилиши. Алахлаш вақтида бемор кўпинча безовталаниб, кўзига турли-туман қўрқинчли нарсалар (мас, ҳайвонлар) кўринади, уни айбловчи, ҳақоратловчи товушлар эшитади, баъзан ўзини ҳимоя қилиш пайида бўлади, гўё атрофидаги ҳамма нарса ўзгариб кетгандек туюлади. Бемор кўзига кўринган нарсаларни, қулоғига эшитилган товушларни кўпинча ёдида сақлаб қолади. Ammo атрофида содир бўлган воқеаларнинг ҳаммасини эслай олмайди. Алахлаш бир неча соатдан 3—5 кунгача давом этиб, баъзан қайталаниб туради.