АЛ-ҲУМРО САРОЙИ

АЛ-ҲУМРО САРОЙИ (араб, қизил; қизил сарой) — Испанияда араблар ҳукмронлиги давридан қолган меъморий ёдгорлик (Гранада вилояти, 13 — 14-а. лар). Алгамра номи билан машҳур. Ал-ҳумро саройида турар жой, меҳмонхона, масжид, ҳарам, ҳаммом ва ҳ. к. бор. Сарой Гранада ш. четидаги баланд тепага қурилган. Унинг деворлари қизил тошлардан ишланган. Ал-ҳумро саройининг 2 ҳовлиси бўлиб, бири (Мирта)да ҳашаматли хоналар, катта ҳовуз ва калта устунли равоқлар бор. Саройнинг яна бир қисмида тожхона қад кўтарган. Иккинчиси «шерлар ҳовлиси» бўлиб, унда уй-жой бинолари, ўртада ўн икки шер ҳайкалли фаввора бор. Сарой меъморлигида амалий безак санъати катта ўрин олган. Ал-ҳумро саройи сув ўтказгич қувур билан таъминланган.