АКВАТОРИЯ [лот. aqua — сув ва (территория] — сув ҳавзаси юзасининг бир қисми. Порт акваторияси деганда портнинг қуруқликдаги қисмидан ташқари сув қисми тушунилади. Гидроаэродром акваторияси — сув юзасининг гидросамолётлар учиши, қўниши ва лангарда туриши учун ажратилиб, махсус жиҳозланган қисми. Янги қурол ва техникани синаб кўриш учун полигон сифатида фойдаланиладиган сув майдони ҳам Акватория дейилади. Баъзан Акватория ҳарбий кемалар турадиган жойни ҳам ўз ичига олади. Денгиз хўжаликлари (балиқчилик, бошқа денгиз ҳайвонларини кўпайтириш, денгиз карами етиштириш ва б.) ривожланиши билан турли хўжалик А. лари пайдо бўлмоқда.