АҲМАДОБОД

АҲМАДОБОД — Ҳиндистон ғарбидаги шаҳар. Гужарот штатининг маъмурий ва иқтисодий маркази. Аҳолиси 2,9 млн. киши (1991, шаҳар атрофи б-н). Мамлакатнинг савдо ва молия марказларидан бири; йирик транспорт йўллари тугуни. 1411 й. да Гужарот султони Аҳмадшоҳ томонидан барпо этилган. 15 — 16 – а. ларда А. Ҳиндистонда муҳим савдо ва саноат аҳамиятига эга бўлган, ўз ҳунармандчилиги ва ажойиб меъморий иншоотлари билан шуҳрат қозонган. 15-а. да қурилган катта Жоме масжиди, зафар тоқи — Тин Дарвозаси (15 – а.) ва ўймакорлик билан ишланган ёғоч уйлар (16 — 17-а. лар) сақланган. Аҳмадобод ил газлама саноатининг (Бомбайдан кейинги) йирик маркази; пахта тозалаш, ипак (жумладан сунъий ипак) ва б. енгил саноат тармоқлари тараққий қилган. Кимё саноати корхоналари бор. Ҳунармандчилик (кимхоб тўқиш, заргарлик, ёғоч ва суякдан ўймакорлик буюмлари ясаш) ривожланган. Ун-т бор.