АФРИҒИЙЛАР МАДАНИЯТИ

АФРИҒИЙЛАР МАДАНИЯТИ — Хоразмдаги 4—8-а. ларга оид маданият, африғийлар сулоласи номи билан боғлиқ. Африғийлар маданиятига оид ёдгорликлар 1937—40 й. ларда Хоразм археология-этнография экспедицияси томонидан ўрганилган. Африғийлар маданияти шаклланишида қўшни кўчманчи қабилалар муҳим роль ўйнаган. Бу даврда антик ҳунармандчилик маркази — қад. шаҳарлар инқирозга учраб, сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаёт қишлоқда, мулкдорларнинг қўрғони ва қасрлари атрофида жонланган. Бургут қалъа воҳасида олиб борилган қазишмалар вақтида сертармоқ суғориш канали ва ариқлар, далаларнинг режали жойлашуви аниқланган. Катта-кичик турар жойлар тўп-тўп жойлашган, катта ер эгаларининг қасрлари каналлар бошида бўлиб, улар сув тақсимотини назорат қилиб турганлар. Хоразмда бу давр истеҳкомлари асосан пахсадан тўртбурчак тархда қурилган, девори буржлар билан мустаҳкамланган, давра ёки тўртбурчак тарҳли (сўнгги мудофаа минораси) бўлган. Йирик қалъалар (Якка Порсон, Қум қалъа, Уй қалъа, Тешик қальа) мудофаа истеҳкомларига эга бўлган. Энг йирик истеҳком — Бургут қалъа (майдони 6 га дан ошиқ) атрофида шаҳар вужудга кела бошлаган. Турар жойлар дахлиз, асосий ва ёрдамчи хўжалик хоналаридан иборат бўлган. Иморатларнинг тарҳи, қиёфаси аҳолининг ижтимоий мавқеига боғлиқ бўлганлиги аниқланди.

Харобалардан мис тангалар, жез, қўлда ва чархда ясалган сопол идишлар (хум, кўзача) синиқлари, безак буюмлари, темирдан ясалган деҳқончилик ва ҳунармандчилик қуроллари (кетмон, ўроқ, пичоқ ва б.), шойи, ип, жун газлама парчалари, уч пар-ракли темир пайконлар, ханжарлар, ёрғучоқлар, тегирмон тошлари, ёзма ёдгорликлар топилган. Марҳумларни остодон (сопол тобут)ларда кўмиш расм бўлган. Тарихий манбаларда 8-а. га оид Кат, Ҳазорасп, Урганч ш. эслатиб ўтилган.

Ад.:Толстов С. П., По древним дельтам Окса и Яксарта, М., 1962; Неразик Е. Е., Сельские поселения афригидского Хорезма, М., 1966; Неразик Е. Е., Сельское жилище в Хорезме (I—XIV вв.), Труды Хорезмской археолого-этнографической экспедиции, т. IX, М., 1976.