АЭРОИОНОТЕРАПИЯ

АЭРОИОНОТЕРАПИЯ (аэро… ва юн. ion — келувчи, терапия) — ҳаво ионлари билан даволаш усули. Бунда махсус асбоблар — аэроионизаторлар ишлатилади; улар ёрдамида ҳавода кўплаб аэроионлар ҳосил қилинади. Аэроионлар нафас йўллари ва ўпка альвеолаларидаги ўз концентрацияси ва зарядига қараб, ўпка интерорецепторлари — сезув нерви учларининг қўзғалувчанлигини ўзгартиради. Бу ерда ҳосил бўлган импульслар бош мия марказларига боради, сўнгра аъзоларга тегишли сигналлар етиб келади. Аэроионлар ўпка альвеолалари деворидан қонга ўтиб, ўз зарядини қон оқсиллари ва ҳужайра элементларига беради. Натижада қон ва б. суюқликларда (мас, орқа мия суюқлиғида) электр зарядларининг миқдори ўзгаради, бу ҳол марказий ва вегетатив нерв системасининг фаолиятига, пировардида, организм фаолиятига фойдали таъсир этади. Аэроионотерапия таъсирида тўқималарда моддалар алмаши-нуви ва оксидланиш-қайтарилиш жараёнлари тезлашади, кислород билан таъминлаш кучаяди. Аэроионотерапия одатда бошқа даво тадбирлари б-н бирга қўлланилади. Аэроионотерапиядан бронхиол астма, гипертония, узоқ вақтгача битмайдиган ярачақаларни ва б. касалликларни даволашда фойдаланилади. Аэроионотерапия умумий тарзда қўлланилиши ёки ҳаво оқими фақат жароҳат, ярага йўналтирилиши мумкин. Анинг бир қадар мукаммал усули — гидроаэроионотерапия Тошкентдаги Саломатликни тиклаш ва физиотерапия и. т. институтида кенг қўлланилади.