АЙИҚЎТ (Tithymalus rapulum) — сутламадошлар оиласига мансуб туганакли кўп йиллик ўсимлик. Бўйи 8—25 см. Пояси якка, цилиндрсимон. Барглари майда, ясси. Меваси (кўсаги)нинг уз. 4—5 мм, шакли тухумсимон. Мартда гуллаб, июнда мева беради. Тошкент, Самарқанд ва Бухоро вилоятларидаги адир ва тоғ зоналарида ўсади. Айиқўтнинг туганакларида 5% гача смола ва 0,5—0,6% каучук бўлиб, смола таркибида учувчан заҳарли модда бор. А. нинг қуритиб майдаланган ер ости қисми (туганаги) халқ табобатида сил касаллигини даволашда, шунингдек, сурги сифатида ишлатилади.