АДСОРБЕНТЛАР

АДСОРБЕНТЛАР (лот. ad — ёнида ва sorbens — ютувчи) — табиатда учрайдиган ва сунъий йўл билан тайёрланадиган, дисперелик даражаси юқори бўлган (қ. Дисперс системалар) жуда катта ташқи (ғоваксиз) ёки ички (ғовакдор) сиртли жисмлар. Суюқ ёки газ ҳолидаги моддалар адсорбцияси худди шу Адсорбентлар сиртида содир бўлади. Табиий Адсорбентларга опока (говақтош), гилмоя ва б. киради. Сунъий Адсорбентлар углеводородларни термик парчалаш ёки тутатиш (курум олиш), ўта қиздирилган сув буғи б-н кремний-органик моддаларни гидролизлаш (аэросиллар), дағал дисперс системаларни кимёвий жиҳатдан фаоллаш ёки модификациялаш (фаол кумир, фаоллантирилган гил) ва б. йўллар билан олинади. Адсорбентларнинг адсорбцион хусусияти қаттиқ жисмнинг табиатига, сирт тузилишига, катталигига, ғовакларининг тузилишига боғлиқ. Улар, асосан, ғоваксиз, йирик ғовакли, майда говакли ва аралаш ғовакли турларга бўлинади. Адсорбентлар противогазларда ишлатилади, газ ва суюкликларни тозалаш ва қуритишда, полимерларнинг тўлдиргичлари сифатида ва б. мақсадларда кенг қўлланилади.