БЎХЧА ЯСАР ҚЎНҒИЗЛАР

БЎХЧА ЯСАР ҚЎНҒИЗЛАР (Scarabaeus) — пластинкамўйловли қўнғизлар уруғи. Уз. 20—40 мм, танаси кенг ва қора, олдинги оёқлари панжаси ва бош қалқони тишли. Ўрта денгиз ҳавзаси, Жан. Европа, Ғарбий ва Марказий Осиёда тарқалган. Қўнғизлар ва қуртлари гўнг билан озикланади. Бунинг учун қўнғиз гўнгдан шар (бўхча) ясаб олади, уни тупроққа кўмиб нок шаклига келтиради. Шарнинг ингичка учига тухум қўяди. Тухумдан чиққан қурти гўнг билан озиқланиб вояга етади. Бўхча ясар қўнғизлар орасида авлиё скарабий (S. sacer) кенг тарқалган, уз. 21—37 мм. КДД мисрликлар бу қўнғизнинг тошга туширилган тасвирига ихлос қилишган. Қўнғизни қуёш худосига ўхшатишган, уни гўнгдан шар ясаб думалатишини Қуёшни само бўйлаб ҳаракатланишининг чексизлигига, қўнғиз бошидаги тишчаларини қуёшнинг нур тарқатишига қиёс қилишган. Бўхча ясар қўнғизлар табиий санитарлар ҳисобланади. Марказий Осиё дашт ва чўлларида йирик Бўхча ясар қўнғизлар S. transcavcasus, S. acuticollis тарқалган.