БЎСТОНИЙ

БЎСТОНИЙ Бутрус (1819-1883, май) — 19-а. араб маърифатпарварларининг йирик намояндаларидан бири, адиб, педагог ва мутафаккир. Суриядаги дастлабки маърифатпарварлик жамияти («Сурия фан ва санъатни ўрганиш жамияти», 1847 й. ташкил этилган) асосчиси. 1863 й. да Ливанда араб тилида Европа усулидаги биринчи миллий мактаб («алМадраса алватания») очди ва унда дарс берди. 60—70-й. ларда турли номларда газ. ва жур. лар чиқарган. Қомусий асар — «Доират алмаориф» («Билим доираси») китобини тайёрлаган. Асарнинг 6 жилди унинг раҳбарлигида, қолганлари Бўстоний вафотидан сўнг шогирдлари томонидан нашр этилган. Бўстоний 1867—70 й. ларда икки жилдли араб тили изоҳли луғати «Муҳит алмуҳит» («Океанлар океани») ни нашр этди. Бўстоний ўз илмий адабий фаолияти билан 19-а. араб маданияти ва адабиётининг ривожланишида жиддий роль ўйнаган ва бой мерос қолдирган.