БЎКТАРГИЛАР

БЎКТАРГИЛАР (Circus) қарчиғайсимонлар оиласига мансуб йиртқич қушлар уруғи. 9 тури бор. Модалари нариларидан катта. Қанотлари узун ва кенг, секин парвоз қилишга мослашган. Пати юмшоқ, бошининг икки ёни ва томоғини ўраб олган «ёқаси» бор. Австралия ва Антарктидадан ташқари, ҳамма қитъаларда тарқалган. Ўзбекистонда сой бўктаргиси С(. aeryginosis), дала бўктаргиси С(. cyaneus), чўл бўктаргиси (С. macrourus), қўриқ бўктаргиси (С. pygargus) учрайди. Бўктаргилар қишлаш учун кузда Ҳиндистон ва Африкага учиб кетади. Баҳорда яна қайтиб келади (дала бўктаргиси эса Ўзбекистонда қишлаб қолади). Дарё соҳиллари, чўл, дашт ва далаларда яшайди. Уясини қуруқ ўт ва хасчўплардан ерга қуради. Модаси уясини доим тозалаб туради. 3 — 6 дона тухум қўяди. Тухумини модаси босади. Насл учун ғамхўрлик қилиш модаси билан нари ўртасида қатьий тақсимланган. Модаси уяда тухумдан чиққан жиш жўжаларини қаноти остида иситиб, уларни озиқлантиради, нари эса озиқташийди. Бўктаргилар ҳар хил ҳашаротлар, майда кемирувчилар, қушлар, калтакесаклар, қурбақалар ва б. ҳайвонлар б-н озиқланади. Кемирувчиларни қириб, фойда келтиради. Бўктаргиларни қўриқлаш керак.