БЎКАЛАР

БЎКАЛАР — тўгарак чокли иккиқанотлилар кенжа туркумига мансуб ҳашаротлар 3 оиласининг умумий номи. Танаси, одатда, туклар билан қопланган, баъзан яланғоч бўлади. Вояга етган Бўкаларнинг оғиз органлари редукцияга учраган, озиқланмайди. Узоқ яшамайди. Урғочи ва эркак Бўкалар ғумбакдан бир вактда чиқиб, муайян бир жойда тўпланади. Кўпчилик турларининг қуртлари сут эмизувчилар ва одамнинг ички паразити ҳисобланади. Ошқозон Б. (Gasterophilidae); уз. 9—15 мм, 30 га яқин тури маълум; отлар, каркидонлар, филларда паразитлик қилади. Ўрта Осиёда 6 тури, шу жумладан от бўкаси Gasterophilus intestinalis кенг тарқалган. Тухумини ҳайвонлар жунига, кўпинча ҳайвонлар лаби тегадиган жойларга қўяди. Тухумдан чиққан қуртлари ҳайвоннинг оғиз бўшлиғи орқали ошқозонига ўтиб, унинг деворини яллиғлайди. Қурт у ердан ичак орқали тупроққа тушиб ғумбакка айланади. Баъзан ошқозон Бўкаларнинг 1 ёшдаги қурти одам терисига кириб, касаллик пайдо қилиши мумкин. Бурунҳалқум Бўкалар (Destridae); уз. 10—18 мм, 35 га яқин тури бор, туёқли ҳайвонлар паразити ҳисобланади. Ўзбекистонда 4 тури: қўй бўкаси (Oestris ovis), туя букаси (Cephalopina titilator), рус бўкаси (Rhincestrus purpureus), ўзбек бўкаси (Rh. uzbekistanicus), шунингдек калта бўка (Rh. latifrons) учрайди. Урғочи Бўкалар тирик қуртини ҳайвонлар бурун бўшлиғига сепиб кетади. Қуртлари келгуси йил баҳоригача нафас йўлида паразитлик қилади. Қуртлар одам кўзига тушиб қолганида миаз, конъюнктивит пайдо қилади. Тери бўкалари (Hypermatidae) нинг уз. 4—12 мм, 35 га яқин тури маълум, Шим. ярим шарнинг мўътадил минтақаларида тарқалган. Узбекистанда 2 тури — ҳўкиз бўкаси (Hyperma bovis) ва Жан. букаси (Н. lineatum) тарқалган. Тухумларини ҳайвонлар юнгига ёпиштириб қўяди. Қуртлар тери остида ривожланади. Улар бош ёки кўзга ўтиб қолганида оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Баъзан бурунҳалқум ва тери бўкалари кенжа оила сифатида Бўкалар (Oestridae) оиласига киритилади.