БЎЗТИКАН

БЎЗТИКАН (Sonchus) — мураккабгулдошларга мансуб кўп ва бир йиллик бегона ўтлар туркуми. Пояси тик, барги тиканли, гуллари тилсимон, саватча тўпгулга йиғилган. Уруғида патсимон туклар бор. 45 тури маълум, Ўзбекистонда 5 тури тарқалган. Сабзавот бўзтикани (S. oleraceus), дағал Бўзтикан (S. asper), дала Бўзтикан (S. arvensis) турлари ғўза, сабзавотполиз, суғориладиган экинлар орасида, далалар ва б. ерларда учрайди. Дала Бўзтикан апр. —май ойларида гуллаб, июнда мева тугади, бир тупи 53 минг донадан ортиқ уруғ беради.

Кураш чоралари: кузги шудгор; симазин ва пахта майдонларида которан, котофор ёки прометрин гербицидлари пуркалади.