БЎЗАТОВ ТУМАНИ

БЎЗАТОВ ТУМАНИ — Қорақалпоғистон Республикасидаги туман. 1979 й. 10 апр. да ташкил этилган (1988 й. сент. да тугатилиб, 1990 й. мартда қайта тузилган). Бўзатов тумани шим. да Мўйноқ тумани, ғарбда Қўнғирот, Қанликўл туманлари, шаркда Чимбой, Кегайли туманлари, жан. да Нукус тумани билан чегарадош. Майд. 1,98 минг км2. Аҳолиси 20,0 мингдан зиёд киши (2000). Бўзатов туманида 1 шаҳарча (Қозонкеткан) ва 4 овул фуқаролари йиғини (Аспантай, Ёркиндарё, Кўксув, Кусканатов) бор. Маркази — Қозонкеткан шаҳарчаси.

Табиати. Бўзатов тумани Амударёнинг қуйилиш ерида жойлашган. Иқлими кескин континентал. Киши совуқ, ёзи иссиқ. Янв. нинг ўртача т-раси —5°, июлники 28°. Йилига 110 мм дан зиёд ёғин тушади. Вегетация даври 90—100 кун. Амударё Б. т. ни ғарб ва шим. ғарбдан 98 км масофада кесиб ўтади. Бўзатов тумани ҳудудида Довуткўл сув омбори жойлашган. Тупроғи тошли шўрхок тупроқ, шўрхоклар тарқалган, қўриқ ерлар бор. Бутача ва бута ўсимликлари ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан бўри, шақал, тулки, тўнғиз, қуён, қирғовул, ғоз, ўрдак ва б. яшайди.

Аҳолиси, асосан қорақалпоқ, ўзбек ва қозоқлар, шунингдек рус, туркман ва б. миллат вакиллари ҳам яшайди. 1 км2 га ўртача 8,7 киши тўғри келади. Шаҳарликлар 4 минг, қишлоқ аҳолиси 15,8 минг.

Хўжалиги. Бўзатов тумани маҳсулотлари и. ч. га ихтисослашган. Туманда жами 7 ширкат хўжалиги бўлиб, шундан 6 тасида чорвачилик билан шуғулланилади, биттасида пахта етиштирилади. Туман ҳудудида Бўзатов ўрмон хўжалиги ва «Асан» хусусий кичик корхонаси (халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарилади) бор. Каолин ва оҳак хом ашёси конлари топилган. Умумий экин майд. 14638 га, шу жумладан ғалла экинлари 2116 га, техника экинлари 600 га, шундан пахта 570 га, емхашак экинлари ва б. 11254 га. Туман ширкат ва шахсий хўжаликларида 25502 қорамол, 9028 қўйэчки, 1475 йилқи, 829 туя бор. Туман ўрмон хўжалигининг умумий майд. 26318 га, шундан ўрмонзорлар 8824 га, дарахтзорлар 107 га, боғлар 12 га ва б. Автомобиль транспорта — туманда ягона транспорт воситасидир.

1999/2000 ўқув йилида 16 умумий таълим мактаби, 1 академик лицей, 7 мусиқа мактаби фаолият кўрсатди. Туман маданият уйи, қишлоқ клуби, автоклуб, кутубхона (қарийб 112 минг китоб ва жур. лар), туман марказий касалхонаси, 95 ўринли 2 қишлоқ касалхонаси бор. Жами 34 врач ишлайди. 10 минг кишига 17 врач тўғри келади.