БУҒЛАНИШ, ялпи буғланиш, эвапотранспирация ( агрометеорологияда) — тупроқ юзаси ҳамда ўсимликлардан буғланадиган нам (транспирация) миқдори йиғиндиси. Буғланиш тупроқ намлиги, унинг хусусияти, тупроқ нам сиғими, тўшама сирт ранги, ҳаво т-раси ва нисбий намлиги, шамол ва 6. омилларга боғлиқ. Буғланиш тўғрисидаги маълумотлардан агротехник тадбирларни ишлаб чиқиш, суғориш вақти ва нормаларни аниқлаш, қурғоқчиликка турлича чидамли экинларни р-нлаштиришда, ҳосилни прогнозлаш ва б. да фойдаланилади. Ўрта Осиёнинг деҳқончилик минтақаларида Буғланиш ҳисобига тупрокдан йўқотиладиган намлик (буғланувчанлик) бир йилда 1200—2000 мм ва ундан кўпроқни ташкил этади. Бу эса йиллик ёғин миқдорига нисбатан 10—15 марта, вегетация давридаги ёғинларга нисбатан эса деярли 40—50 марта кўпдир. Натижада экинларни сунъий суғоришга тўғри келади. Суғориш нормаси гидроморф тупроқларда 3—4 минг м3/га, автоморф тупроқларда эса 6—7 минг м3/ га. Намлик сарфини камайтириш учун тупроқни юмшатиш, алмашлаб экишни тўғри ташкил этиш, органик ўғитларни ишлатиш, тупроқ структурасини яхшилайдиган сунъий моддалар солиш ва б. тадбирлар қўлланилади.