БУФФ ОПЕРА

БУФФ ОПЕРА — итальян комик (ҳазилмутойиба) операси. Ҳажми кичиклиги, ўзгаришларга бой мазмуни, қаҳрамонларининг кулгили ва жонли ҳаракатлари, мусиқа услубининг миллий қўшиқчилик анъаналарига яқинлиги б-н ажралиб туради. Илк намуналари operaseria («жиддий опера»)нинг икки парда ўртасидаги интермедия тарзида ижро этилган. 18-а. нинг 30-й. ларида Ж. Перголези (1710—36) ижодида пайдо бўлган. Кейинчалик Н. Пиччини, Ж. Паизиелло, Д. Чимароза ва б. ижодида ривож топган. Буфф опера услуби 19-а. мусиқасида (Ж. Россини, «Севилья сартароши» ва б.), 20-а. опера санъатида (С. Прокофьев, «3 апельсинга муҳаббат» ва б.) ҳам ўз аксини топган. Ўзбекистонда Буфф опера анъаналари негизида С. Юдаков «Майсаранинг иши» — илк узбек комик операсини ёзган.