БОЛТАЕВ

БОЛТАЕВ Абдулла (1896 — Хива 1966) — наққош, Ўзбекистон халқ рассоми (1950). Хоразм наққошлигининг йирик вакилларидан, чизма ва бўяма нақш устаси. Бўёкчи, матога гул босувчи уста оиласида тугилган. Хивалик машҳур наққош ва кошинкор уста Эшмуҳаммад Худойбердиевдан ҳунар ўрганган. Йирик ҳашаматли бинолар (мас, Исломхўжа мадрасаси ва минораси, 1912) қурилишида ва уларни безашда иштирок қилган. 1920 й. дан мустақил ишлай бошлаган. 1924 й. дан Хоразм вилояти ўлкашунослик музейида илмий ходим. Хоразм воҳасидаги атоқли ганч, тош, ёғоч ўймакорлари, наққош ларнинг энг яхши нақшларини тўплаган, уларни ижодий ўрганиб, ўзи ҳам нақш намуналари яратган. Хива наққошлигига хос шох, поя (таноб, рафтор), барг, гул ва ғунчаларга ўхшаш айланма ислимий нақшлар Болтаев ижодида асосий ўрин эгаллайди. Нақш намуналари, ахталари ва гирихларида ислимий нақшлар уйғунлаштирилган. Кўпгина хоразмлик усталар унинг чизмалари асосида ишлаган. Мае, Ота Полвонов унинг чизмалари асосида безаган устун ва эшик 1937 й. Парижда Амалий санъат кўргазмасида намойиш қилинган. Болтаев иштирокида Кўҳна Арк, Тошҳовли, Нуруллабой саройи ва б. меъморий ёдгорликлар таъмирланган. 1946—47 й. ларда Тошкентдаги Навоий театри биносининг Хива залини безаган усталарга раҳбарлик қилган, шу театр биноси эшиклари, тош деталларидаги нақшлар унинг чизмалари асосида ишланган. Болтаев тайёрлаган нақш намуналари, унинг чизмалари асосида ишланган кулоллик буюмлари Москва (Шарқ халқлари санъати музейи), Тошкент (Ўзбекистон давлат санъат музейи, Амалий санъат музейи, Ўзбекистон БА Бадиий кўргазмалар дирекцияси), Хивадаги музейларда сақланади.

Ад: Хўжае в А., Наққош Абдулла Болтаев, Т., 1963.