БОЛОҲОВУЗ МАСЖИДИ

БОЛОҲОВУЗ МАСЖИДИ — Бухородаги меъморий ёдгорлик, томонлари 11,5 м ли мурабба тарҳли бино. Б. м. нинг катта гумбазли масжиди 1712 й., ҳовли ва ҳужралари 19-а. да, айвони 1915—17 й. ларда, масжид ёнидаги алоҳида турган минора ҳам шу йилларда Уста Ширин Муродов ва уста Ҳафизовлар томонидан қурилган.

Болоҳовуз масжиди қалқонсимон ва мураккаб бўртма нақшлар билан безатилган. Меҳробига нафис нақшлар ишланган. Ганч шувоқли пештоқ масжиднинг шарқ томонида бўлиб, бўғот ости ганч нақшлар билан безатилган. Пештоқнинг ён томонларига икки қаватли баланд токчали ҳужралар қурилган. Болоҳовуз масжидининг 20 та баланд ва ингичка ёғоч устунли айвони бор. Айвоннинг ён деворларидаги токчалари накшлар билан безатилган. Болоҳовуз масжиди м . да жума номози ўқилган. Масжиднинг айвони ва қандил осилган шипи айниқса серҳашам. Регистон майдони томонидан Болоҳовуз масжидига қаралса пешайвони, майдон ёнбошидаги кичкина минораси ва ўртасидаги ҳовуз кишида ажойиб таассурот қолдиради. Ҳовуз қирғоклари йирик тошлар билан зинапояли қилиб мустаҳкамланган.