БОЛИД

БОЛИД — Ер атмосферасининг қуйи қатламигача кириб келадиган катта массали ёрқин метеор жисм. Кўпинча, метеор жисмлар атмосферага кирганда бўлиниб, буғланиб кетади. Болид учганда чўғланган газ оқимлари ва метеор жисмнинг эриган томчилари жисм ортида «оловли дум» ҳосил қилиб, ёруғ из қолдиради. Бу из бир неча минут кўриниб туради. Болид йўлидаги ҳавонинг қаттиқ сиқилиши ва сийраклашиши оқибатида баъзан кучли гумбурлаш эшитилади. Баъзида ҳаво очиқ кунлари Болид кундузи ҳам кўриниши мумкин.