БОКС

БОКС (инг. box — қути, хона, бўлма) — 1) биол. да микроорганизмлар ва радиоактив моддалар билан ишлаш учун мўлжалланган, белгиланган тозалик, стериллаш ҳамда муҳофаза шароитлари мавжуд бўлган герметик ёки махсус камера;

2) тиббиётда юқумли касаллик билан оғриганликда гумон қилинган беморларни бошқалардан алоҳида ётқизиш учун касалхоналар ва клиникаларда ажратилган махсус хона. Б. дан юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида фойдаланилади (яна қ. Изолятор);

3) радиоактив моддалар билан ишлаш учун мўлжалланган зич берк хона (камера); 4) қўлларни тиқиб ишлашга имкон берадиган тешиклари (2 та ёки 4 та) бор зич берк шиша камера. Уни кўчириб юрса ҳам бўлади;

5) гаражлар ва саноат корхоналарида автомобиллар ва синов қурилмалари туриши учун мўлжалланган бўлма (хона);

6) телефон тақсимлаш шкафлари ёки кабель яшикларида симлар ёки кабеллар киритиладиган ёки чиқариладиган қути.