БОЙҚЎЗИЕВ

БОЙҚЎЗИЕВ Шерқўзи (1879, ҳоз. Фарғона вилояти Бувайда тумани Бекобод қишлоғи—1961.21.10, Қўқон) — хонанда, Ўзбекистон халқҳофизи (1939). Қўқон катта ашула ижрочилик мактаби намояндаси. Дастлаб отаси Бойқўзи ҳофиз вакейинроқ Абдураззоқ ҳофиз, Эркақори Каримовлардан катта ашула анъаналарини ўрганган, уларга ҳамнафаслик ҳам қилган. Ҳамроқулқори, Болтабой ҳофиз, Маматбува Сатторовлардан катта ашула ва мақом йўлларини ўзлаштирган. Овози баланд, нафаси кенг бўлиб, ашулаларни енгил ва равон ижро этган. Репертуаридан «Эй санам», «Оҳким», «Мунча ҳам», «Чоргоҳ», «Айрилмасун», «Ёввойи Ушшоқ» каби катта ашулалар ўрин олган. Шогирдлари — Мелиқўзи Юсупов, Аббос Бобоев, Ўтамбой Саримсоқов, Ҳайдарали Ҳикматов ва б. Қўқон ижрочилик анъаналарини ҳоз. давргача давом эттиришган.