БОЖ ТАРИФИ — давлат чегараси орқали ўтадиган товарлардан ундириладиган божлар ставкалари мажмуи (тўплами). Бож: олинадиган товарлар номи ва таснифи, бож ставкаси, уларни ҳисоблаш ва тўлаш усуллари, бож олинмай ўтказиладиган товар (буюм)лар рўйхати, шунингдек олиб келиш, олиб кетиш, олиб ўтиш (транзит) тақиқланган маҳсулотлар рўйхати кўрсатилади. Бож тарифида товарлар қайта ишланиш даражаси (тайёр маҳсулот, ярим тайёр маҳсулот, хом ашё) ва тармоқ турига (саноат, қ. х., минералхом ашё) кўра гуруҳланади. Бож тарифи дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларида қўлланилади.
1997 й. 29 авг. да Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан «Бож тарифи тўғрисида»ги қонун қабул қилиниб, 1998 й. 1 янв. дан амалга киритилди.